Таллинда 1тадан олтин ва бронза, 3 кумуш медал қўлга

Таллинда 1тадан олтин ва бронза, 3 кумуш медал қўлга киритилди

3-6 октябр кунлари Эстония пойтахти Таллин шаҳрида от спортининг конкур йўналишида CSI2*-W, CSIU25-A, CSIYH1* туркумидаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда дунёнинг энг кучли чавандозлари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг вакиллари ҳам иштирок этишди.
Мусобақада спортчиларимиз ҳам юқори натижаларни кўрсатишди.

Баҳсларнинг дастлабки куни тўсиқ баландлиги 140 см бўлган маршрутда Абдураҳмон Абдуллаев Otto van de Achterhoek лақабли отда 1-ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликни Matts V.G лақабли оти билан Бекзод Қурбонов якунлаб берди. 135 см масофага беллашувларда Баҳромжон Газиев билан 5-ўрин билан кифояланди.

5 октябр кунги чиқишда спортчиларимиз медаллар жамғармасини иккита кумуш медал билан тўлдиришди. Бекзод Қурбонов “6 тўсиқ” йўналишида, Абдураҳмон Абдуллаев эса 145 см лик маршрутда совриндорлар қаторидан жой олишди. Бир неча сониялик фарқ билан чавандозларимиз европалик рақибларига имкониятни бой бердилар.

Мусобақанинг сўнгги куни ўтказилган тўсиқлар баландлиги 150 см бўлган Гран-при баҳсларида Абдураҳмон Абдуллаев кумуш медални қўлга киритди.